۞ إِنَّمَا ٱلصَّدَقَٰتُ لِلۡفُقَرَآءِ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱلۡعَٰمِلِينَ عَلَيۡهَا وَٱلۡمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمۡ وَفِي ٱلرِّقَابِ وَٱلۡغَٰرِمِينَ وَفِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِۖ فَرِيضَةٗ مِّنَ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ ٦٠
Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир. 34
Izohlar
34 («Садақалар» деганда «закот» назарда тутилгандир. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. «Кўнгилларини улфат қилинадиганлар». Яъни, баъзи кишиларнинг кўнгилларини Исломга мойил қилиш учун ҳам закотдан тушган молдан берилади. «қарздорларга» — турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одамга уни узиш учун ёрдам тариқасида закотдан берилади. «Аллоҳнинг йўли» — энг аввало, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётганларни, қолаверса, дину диёнат, мусулмонлар оммаси фойдаси учун бўладиган ишларни ичига олади. «Йўл ўғли» — яъни, сафарда, ватанидан узоқда оғир ижтимоий ҳолга тушиб қолган шахс.)
Tafsir
Фарз қилинган закотлар фақат фақирларга, яъни, бирон ҳунари, иши бўлса-да, топгани етмаслиги туфайли муҳтож бўлган кишиларга, ҳеч нарсаси йўқ ва аҳволи ҳаммага таниш бўлган мискинларга, закот йиғиш ишига масъул ходимларга, Исломга қалби мойил бўлаётган иймони заиф ғайридинларга, қулларни озод қилишга, исроф, маъсият аралаштирмасдан қарзини тўлай олмаётган қарздорларга, Аллоҳ йўлидаги мужоҳидларни таъминлашга ҳамда уй-жойидан, нафақасидан узилиб қолган мусофирга берилади. Закотларнинг мана шу ўринларга сарф қилиниши Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Аллоҳ бандаларига нима яхши бўлишини Билувчи, ҳар бир тадбири ва шариатини ҳикмат билан қилувчи Зотдир.