ٱتَّخَذُوٓاْ أَحۡبَارَهُمۡ وَرُهۡبَٰنَهُمۡ أَرۡبَابٗا مِّن دُونِ ٱللَّهِ وَٱلۡمَسِيحَ ٱبۡنَ مَرۡيَمَ وَمَآ أُمِرُوٓاْ إِلَّا لِيَعۡبُدُوٓاْ إِلَٰهٗا وَٰحِدٗاۖ لَّآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَۚ سُبۡحَٰنَهُۥ عَمَّا يُشۡرِكُونَ ٣١
Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масийҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир. 16
Izohlar
16 (Адий ибн Ҳотим жоҳилият даврида насронийлик динига кирган экан. Синглиси бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ҳузурларига боришга ундабди. У Мадинага борганида, бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар. Адий розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот алайҳиссалоту вассалом: «Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар».)
Tafsir
Яҳудийлар ўзларининг олимларини, насронийлар эса руҳонийларини парвардигор қилиб олдилар. Улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани эса ҳаром қилиб бердилар. Насронийлар Масиҳ Ийсо ибн Марямни Аллоҳга қўшиб, илоҳ деб билдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ яҳудийларнинг олимларини ҳам, насронийларнинг руҳонийларини ҳам, Узайрни ҳам, Ийсо ибн Марямни ҳам ёлғиз Ўзигагина бандалик қилишга буюрганди. Ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳ ягона илоҳдир. Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. Буюк Парвардигор мушриклар ва бошқалар айтаётган нуқсонлардан покдир.