يَوۡمَ يَجۡمَعُكُمۡ لِيَوۡمِ ٱلۡجَمۡعِۖ ذَٰلِكَ يَوۡمُ ٱلتَّغَابُنِۗ وَمَن يُؤۡمِنۢ بِٱللَّهِ وَيَعۡمَلۡ صَٰلِحٗا يُكَفِّرۡ عَنۡهُ سَيِّـَٔاتِهِۦ وَيُدۡخِلۡهُ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ خَٰلِدِينَ فِيهَآ أَبَدٗاۚ ذَٰلِكَ ٱلۡفَوۡزُ ٱلۡعَظِيمُ ٩
У сизларни «Жамлаш куни»га тўплайдиган кунни эсланг. У кун «тағобун» кунидир. Ким Аллоҳга иймон келтирса ва солиҳ амаллар қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритур. Унда абадул-абад қолурлар. Бу улкан ютуқдир. 2
Izohlar
2 («Жамлаш куни», Аллоҳ у куни аввалги ва охирги барча бандаларни жамлайди. «Тағобун» куни. Арабча «тағобун» «ғибн» сўзидан олинган бўлиб, баҳонинг пастлашини билдиради. Қиёмат куни кофирлар иймонни тарк қилганлари учун баҳолари пастлаб, дўзахга равона бўладилар. Яхши ишларни камроқ қилиб қолган мўминлар ҳам баҳолари пастлаб, жаннатнинг олий мартабаларига ета олмай қоладилар.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, Аллоҳ сизларни қилган амалларингизга яраша жазо ёки мукофот бериш учун тўплаган Қиёмат кунида кофирларнинг муваффақиятсизликка учраб, зарар кўрганлари аён бўлур. Зеро, мўминлар дўзах аҳлининг жаннатдаги жойларини эгалласалар, дўзахийлар жаннат аҳлининг дўзахдаги ўрнини эгаллайдилар. Ким Аллоҳга иймон келтириб, яхши иш қилган бўлса, Аллоҳ унинг ёмонликларини ўчириб, ўзини қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб ўтадиган жаннатларга киритади. У ерларда абадий қоладилар. Ҳеч қачон чиқмайдилар. Неъматлари ҳеч қачон тугаб қолмайди. Энг буюк муваффақият мана шудир.