An-Nur surasi, 35-oyat

24:35

۞ ٱللَّهُ نُورُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۚ مَثَلُ نُورِهِۦ كَمِشۡكَوٰةٖ فِيهَا مِصۡبَاحٌۖ ٱلۡمِصۡبَاحُ فِي زُجَاجَةٍۖ ٱلزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوۡكَبٞ دُرِّيّٞ يُوقَدُ مِن شَجَرَةٖ مُّبَٰرَكَةٖ زَيۡتُونَةٖ لَّا شَرۡقِيَّةٖ وَلَا غَرۡبِيَّةٖ يَكَادُ زَيۡتُهَا يُضِيٓءُ وَلَوۡ لَمۡ تَمۡسَسۡهُ نَارٞۚ نُّورٌ عَلَىٰ نُورٖۚ يَهۡدِي ٱللَّهُ لِنُورِهِۦ مَن يَشَآءُۚ وَيَضۡرِبُ ٱللَّهُ ٱلۡأَمۡثَٰلَ لِلنَّاسِۗ وَٱللَّهُ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٞ ٣٥

Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. 9

Izohlar

9 (Суранинг номи ушбу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур» ояти деб ҳам номланади. Оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. Бу жумлани баъзи уламоларимиз, «Аллоҳ осмонлар ва Ерни мунаввар қилгувчидир», деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса, «Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтиргувчидир», деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни, яъни борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир. «Нур» сўзи аслида ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғуликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади-кўрсатади.)

Tafsir

Аллоҳ осмонлару ернинг Нуридир ва улардаги зотларни ҳидоят қилгувчидир. Унинг Нури мўминнинг қалбида худди бир токча кабидирки, унда бир чироқ бор. Чироқ бир шиша ичида. Шиша эса атрофни ёритиб турган бир дур юлдуз. Чироқ муборак зайтун дарахтининг мойидан ёқилади. Зайтун дарахтини эрталаб ҳам, кечга яқин ҳам қуёшдан ҳеч нарса тўсмайди. Унинг мойи шу қадар мусаффоки, ҳатто унга олов туташмаса ҳам атрофни ёритиб юборгудек бўлади. Энди олов туташганидан кейин қандай бўлишини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг! Чироқнинг нури шишанинг нурига қўшилиб, нур устига нур бўлур! Мўминнинг қалби ҳам ҳидоят нури уни ёритган пайтида мана шундай бўлади. Аллоҳ Ўзи истаган бандасини Қуръонга эргашиш бахтига муяссар айлайди. Аллоҳ мисоллар зарб этиб, нарсаларни ташбеҳлар орқали баён қилади. Аллоҳ ҳамма нарсани Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин бўла олмас.