وَلَا يَأۡتَلِ أُوْلُواْ ٱلۡفَضۡلِ مِنكُمۡ وَٱلسَّعَةِ أَن يُؤۡتُوٓاْ أُوْلِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينَ وَٱلۡمُهَٰجِرِينَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ وَلۡيَعۡفُواْ وَلۡيَصۡفَحُوٓاْۗ أَلَا تُحِبُّونَ أَن يَغۡفِرَ ٱللَّهُ لَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٌ ٢٢
Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳимли Зотдир. 4
Izohlar
4 (Ойиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): «Аллоҳга қасамки, Ойиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».)
Tafsir
Дин бобида фозил, мол-давлат бобида эса бой бўлганлар муҳтож қариндошларига, мискинларга ва Аллоҳ йўлидаги муҳожирларга уларнинг бирон гуноҳлари туфайли инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичмасинлар. Афв этсинлар, кечирсинлар. Сизлар уларни кечирган пайтингизда Аллоҳ сизларни кечириб юборишини истамайсизларми? Аллоҳ тавба қилган бандасини мағфират айлайдиган, Меҳрибон Зотдир. Шундай экан, бандалари бундан ибрат олсинлар. Бу оят Абубакр сиддиқ (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ҳақида нозил бўлган. У киши Мистаҳга қайтиб инфоқ-эҳсон қилмасликка қасам ичганди. Чунки Мистаҳ бўҳтонда иштирок этганди.