An-Nisa surasi, 51-oyat

4:51

أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِينَ أُوتُواْ نَصِيبٗا مِّنَ ٱلۡكِتَٰبِ يُؤۡمِنُونَ بِٱلۡجِبۡتِ وَٱلطَّٰغُوتِ وَيَقُولُونَ لِلَّذِينَ كَفَرُواْ هَٰٓؤُلَآءِ أَهۡدَىٰ مِنَ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ سَبِيلًا ٥١

Китобдан насибадор бўлганларнинг ботилга ва тоғутга иймон келтиришларини ва куфр келтирганларни (кўрсатиб): «Анавилар, иймон келтирганлардан кўра ҳидоятлироқ йўлдалар», дейишларини кўрмайсанми?! 26

Izohlar

26 (Бу ояти каримада яҳудийлар энди «Китобдан насибадор бўлганлар», деб тавсифланмоқда. Биз «ботил» деб таржима қилган сўз оятда «жибт» деб келган. Араб тилида жибт — бут, санам, фолбин ва сеҳргарга ўхшаш нарсаларга ишлатилади. «Тоғут» эса — Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариат ва Аллоҳнинг шариатига асосланмаган ҳукмдир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яҳудийларни жибт ва тоғутга иймон келтирганлар, деб васф қилмоқда.)

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, яҳудийларнинг аҳволини билмайсизми ва ундан ҳайрон бўлмайсизми? Аллоҳ уларга илмдек буюк неъматдан насиба берди. Улар эса Аллоҳни қўйиб, ўзлари тўқиб олган маъбудларига сиғинадилар. Бу ҳам етмагандек, мушриклар ҳақида: "Улар Муҳаммаднинг саҳобаларидан кўра тўғрироқ йўлдалар", дейдилар. Бу гапларини бир эваз илинжида, мушриклар ҳам уларни қўллаб-қувватлашларидан умидвор бўлиб айтадилар.