An-Nisa surasi, 43-oyat

4:43

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡرَبُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنتُمۡ سُكَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَعۡلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلَا جُنُبًا إِلَّا عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىٰ تَغۡتَسِلُواْۚ وَإِن كُنتُم مَّرۡضَىٰٓ أَوۡ عَلَىٰ سَفَرٍ أَوۡ جَآءَ أَحَدٞ مِّنكُم مِّنَ ٱلۡغَآئِطِ أَوۡ لَٰمَسۡتُمُ ٱلنِّسَآءَ فَلَمۡ تَجِدُواْ مَآءٗ فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدٗا طَيِّبٗا فَٱمۡسَحُواْ بِوُجُوهِكُمۡ وَأَيۡدِيكُمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَفُوًّا غَفُورًا ٤٣

Эй, иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда — то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча — намозга яқинлашманг ва жунуб ҳолингизда ҳам, то ғусл қилмагунингизча. Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчи Зотдир. 23

Izohlar

23 (Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар мужассам топгандир. Шу билан бирга, ароқни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳамдир. Таҳорат ва ғуслга сув топилмаса, тоза тупроқ-ла таяммум қилинади. Шунингдек, сув тегиши билан касаллиги кучайиб кетадиган беморларга ҳам таяммумга рухсат. Яъни, таҳорати йўқ одам таҳоратни ният қилиб таяммум қилса, таҳорат ўрнига ўтади. Жунуб одам ғуслни ният қилиб таяммум қилса, ғусл ўрнига ўтади.)

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашганлар, то кайфингиз тарқаб, айтаётган гапингизни англай оладиган бўлгунингизга қадар маст ҳолингизда намоз ўқимангиз. Бу ароқ тўла ҳаром қилинишидан олдинги ҳукм эди. То ғусл қилмагунингизча жунуб ҳолингизда ҳам намоз ўқимангиз ва масжидларга кирмангиз. Йўл-йўлакай ўтиб кетаётган бўлсангиз, ҳечқиси йўқ. Сув ишлата олмайдиган даражада касал бўлсангиз ёки мусофир бўлсангиз ё кимдир хожатхонадан чиққан бўлса ёки аёлларга яқинлик қилган бўлсангизлару, таҳорат ё ғусл қилишга сув тополмаётган бўлсангизлар, покиза тупроққа таяммум қилиб, ундан юзингиз ва қўлларингизга суртингиз. Аллоҳ айбу нуқсонингизни кечиргувчи ва мағфират қилгувчи Зотдир.