يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا يَحِلُّ لَكُمۡ أَن تَرِثُواْ ٱلنِّسَآءَ كَرۡهٗاۖ وَلَا تَعۡضُلُوهُنَّ لِتَذۡهَبُواْ بِبَعۡضِ مَآ ءَاتَيۡتُمُوهُنَّ إِلَّآ أَن يَأۡتِينَ بِفَٰحِشَةٖ مُّبَيِّنَةٖۚ وَعَاشِرُوهُنَّ بِٱلۡمَعۡرُوفِۚ فَإِن كَرِهۡتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰٓ أَن تَكۡرَهُواْ شَيۡـٔٗا وَيَجۡعَلَ ٱللَّهُ فِيهِ خَيۡرٗا كَثِيرٗا ١٩
Эй, иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса. 9
Izohlar
9 (Ушбу оят Исломдан олдинги даврда аёл кишига зулм ва жабр шаклида жорий қилинган баъзи одатларни ботил этмоқда. Жумладан, жоҳилий арабларнинг одати бўйича, эркак киши вафот этса, унинг хотини ҳам бошқа молу мулки қатори қариндошларига мерос бўлиб қолар эди. У бечора аёлни зўрлик-ла меросга олишар эди. Хоҳласа, биронтаси унга маҳр бермай уйланар ёки бошқа бировга эрга бериб, маҳрини ўзлари олишар ёки умуман у шўрликни эрга беришмас, ўзлари ҳам уйланишмас, беҳуда ушлаб туришар эди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига хитоб қилиб, бундай ишлар ярамаслигини баён қилмоқда. Ва аёлларга нисбатан бўлган зулм ва жабр-ситамни кўтармоқда.)
Tafsir
Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига эргашган мўминлар, оталарингизнинг аёлларини худди мол-давлатдек мерос қилиб олиб, уларга уйланиш ёки ўзингиз истаган бошқа бировга узатиш ё турмушга чиқишига қаршилик қилиш каби ишларни қилишингиз жоиз эмас. Ўзларингиз ёқтирмаган аёлларингизга маҳрининг бир қисмидан кечишигача олиб бориш учун атайин тазйиқ ўтказишингиз, зарар етказишингиз мумкин эмас. Лекин агар очиқ бузуқлик қилсалар, зино қилсалар, берган маҳрларингизни қайтариб олиш учун йўлларини тўсишингиз ҳам, уларга тазйиқ ўтказишингиз ҳам мумкин бўлади. Аёлларингиз билан тинч-тотув яшанглар, уларга озор берманглар, яхшилик қилинглар. Уларни бирон дунёвий иши учун ёмон кўрсангизлар, сабр қилинглар. Эҳтимол, ёмон кўрган нарсангизга Аллоҳ сизлар учун дунёю охиратда бўладиган кўп яхшиликларни жойлаб қўйгандир.