ٱلَّذِينَ يَتَرَبَّصُونَ بِكُمۡ فَإِن كَانَ لَكُمۡ فَتۡحٞ مِّنَ ٱللَّهِ قَالُوٓاْ أَلَمۡ نَكُن مَّعَكُمۡ وَإِن كَانَ لِلۡكَٰفِرِينَ نَصِيبٞ قَالُوٓاْ أَلَمۡ نَسۡتَحۡوِذۡ عَلَيۡكُمۡ وَنَمۡنَعۡكُم مِّنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَكُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۚ وَلَن يَجۡعَلَ ٱللَّهُ لِلۡكَٰفِرِينَ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ سَبِيلًا ١٤١
Улар сизларни кузатиб турурлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса: «Сизлар билан бирга эмасмидик?!» дерлар. Агар кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми?» дерлар. Аллоҳ қиёмат куни улар орасида ҳукм қилур. Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас. 63
Izohlar
63 (Мунофиқ ҳар доим мунофиқлигини қилади. Иймон масаласидаки иккиёқламалик қилгандан кейин, бошқа масалаларда бундан баттар бўлади. Улар доимо иймон ва куфр, мўминлар ва кофирлар орасида тарозининг палласи қаёққа оғишини кузатиб турадилар.)
Tafsir
Улар сизларнинг ғалабангизни ҳам, мағлубиятингизни ҳам кузатиб-пойлаб турадилар. Аллоҳ тарафидан сизларга зафар келиб, ўлжаларни қўлга кирита бошласангизлар, ўлжаларга шерик бўлиш учун: "Сизлар билан бирга елкама-елка турмаганмидик?", дейишади. Ғалаба кофирларга насиб бўлса, уларга қараб: "Сизларни биз бошқариб, ишларингизга бош-қош бўлиб, мўминлардан ҳимоя қилиб турмаганмидик?", дейишади. Қиёмат кунида ҳаммангизнинг ўртангизда Аллоҳнинг Ўзи ҳакамлик қилади. Мўминларга жаннатни мукофот қилиб беради. Мунофиқларни эса дўзахнинг тубига улоқтириб жазолайди. Аллоҳ Ўз фазли ила қиёмат куни кофирлар учун мўминларга қарши бирон ҳужжатни ҳаргиз қолдирмайди. Модомики, мўминлар иймонига содиқ қолиб, шариатга амал қилар эканлар, оқибатни фақат уларга хос қилиб қўяди.