An-Nisa surasi, 140-oyat

4:140

وَقَدۡ نَزَّلَ عَلَيۡكُمۡ فِي ٱلۡكِتَٰبِ أَنۡ إِذَا سَمِعۡتُمۡ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ يُكۡفَرُ بِهَا وَيُسۡتَهۡزَأُ بِهَا فَلَا تَقۡعُدُواْ مَعَهُمۡ حَتَّىٰ يَخُوضُواْ فِي حَدِيثٍ غَيۡرِهِۦٓ إِنَّكُمۡ إِذٗا مِّثۡلُهُمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ جَامِعُ ٱلۡمُنَٰفِقِينَ وَٱلۡكَٰفِرِينَ فِي جَهَنَّمَ جَمِيعًا ١٤٠

Батаҳқиқ, сизларга китобда: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоғда, бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан ўтирманглар», деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир. 62

Izohlar

62 (Аллоҳ таоло китобда, яъни Қуръони Каримда мўминларга Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр ва истеҳзо гаплар бўлаётган мажлисда ўтирмасликка амр қилган эди. Бу амр Маккаи Мукаррамада нозил бўлган ал-Анъом сурасида келган. Чунки мўмин кишининг бу каби мажлисларда жим ўтириши мунофиқликнинг бошланишидир. Ҳар бир мўмин Аллоҳ, Ислом, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ва Қуръон каби мўътабар тушунчалар ҳақида ёмон, ахлоқсиз гап-сўзларни эшитган чоғида қарши чиқмоққа, ҳаттоки тўғриламоққа бурчлидир. Кимки бундай ҳолларда жим ўтирса, мунофиқлик йўлига қадам қўйган бўлади.)

Tafsir

Эй мўминлар, Аллоҳ сизларга Қуръони каримда: "Бирон мажлисда кимдир Аллоҳнинг оятларини инкор ва масхара қилаётганини эшитсангизлар, то гап бошқа соҳага ўтгунига қадар у жойни тарк қилишингиз вожибдир", деган сўзларни нозил қилди. Аллоҳнинг оятлари инкор ва масхара қилинаётганини эшитиб туриб ҳам жойингиздан жилмасангиз, Аллоҳнинг буйруғига итоат қилмасликда улар билан бир хил бўлиб қоласизлар. Улар инкорию масхараси билан итоатсизлик қилган бўлса, сизлар уни бемалол эшитиб ўтиравериш билан итоатсизлик қилган бўласизлар. Аллоҳ куфрини яшириб, ўзини мусулмон қилиб кўрсатган мунофиқлар билан кофирларни қиёмат кунида жаҳаннам ўтида бир жойга тўплайди.