An-Nahl surasi, 103-oyat

16:103

وَلَقَدۡ نَعۡلَمُ أَنَّهُمۡ يَقُولُونَ إِنَّمَا يُعَلِّمُهُۥ بَشَرٞۗ لِّسَانُ ٱلَّذِي يُلۡحِدُونَ إِلَيۡهِ أَعۡجَمِيّٞ وَهَٰذَا لِسَانٌ عَرَبِيّٞ مُّبِينٌ ١٠٣

Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса, очиқ-ойдин араб тилидадир. 43

Izohlar

43 (Қадимги Қурайш кофирлари, Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди, деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил сўнгги кофирлар, Муҳаммад катта олимларни тўплаб Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, мана менга осмондан китоб тушди, деб даъво қилди, дейишди. Ушбу уйдирмани уялмай-нетмай дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмаси ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди. Кофир бўлгандан кейин шу экан-да!)

Tafsir

Биз мушрикларнинг: "Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни бир одам ўргатиб турибди", деяётганларини биламиз. Уларнинг бу даъволари пучдир, ёлғондир. Чунки улар айтаётган одамнинг тили ажамийдир, арабча эмасдир. Қуръон эса соф араб тилида нозил бўлган. Боз устига унда жуда олий, етиб бўлмас балоғат бор. Қандай қилиб уни бир ажамийдан ўрганиши мумкин?!