Al-Mumtahanah surasi, 10-oyat

60:10

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا جَآءَكُمُ ٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ مُهَٰجِرَٰتٖ فَٱمۡتَحِنُوهُنَّۖ ٱللَّهُ أَعۡلَمُ بِإِيمَٰنِهِنَّۖ فَإِنۡ عَلِمۡتُمُوهُنَّ مُؤۡمِنَٰتٖ فَلَا تَرۡجِعُوهُنَّ إِلَى ٱلۡكُفَّارِۖ لَا هُنَّ حِلّٞ لَّهُمۡ وَلَا هُمۡ يَحِلُّونَ لَهُنَّۖ وَءَاتُوهُم مَّآ أَنفَقُواْۚ وَلَا جُنَاحَ عَلَيۡكُمۡ أَن تَنكِحُوهُنَّ إِذَآ ءَاتَيۡتُمُوهُنَّ أُجُورَهُنَّۚ وَلَا تُمۡسِكُواْ بِعِصَمِ ٱلۡكَوَافِرِ وَسۡـَٔلُواْ مَآ أَنفَقۡتُمۡ وَلۡيَسۡـَٔلُواْ مَآ أَنفَقُواْۚ ذَٰلِكُمۡ حُكۡمُ ٱللَّهِ يَحۡكُمُ بَيۡنَكُمۡۖ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ ١٠

Эй, иймон келтирганлар! Агар сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир. Бас, мўминаликларини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг. Бу(аёл)лар уларга ҳалол эмас ва улар ҳам буларга ҳалол бўлмаслар. Ва у(кофир)ларга нафақа қилган нарсаларини беринглар. Ва агар у(аёл)ларни маҳрларини бериб, никоҳлаб олсангизлар, сизларга гуноҳ бўлмас. Кофир хотинларингизни никоҳларингизда ушлаб турманглар. Нафақа қилган нарсаларингизни сўранглар, улар ҳам нафақа қилган нарсаларини сўрасинлар. Бу, сизларга Аллоҳнинг ҳукмидир. У, орангизда ҳукм қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматлидир. 5

Izohlar

5 (Душман тарафдан келган ҳар бир кишини ҳам қучоқ очиб кутиб олинавермайди. Чунки, душман жосус юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло имтиҳон қилиб кўришни амр қилмоқда. Ушбу ояти карима тушгунча мусулмонлардан баъзилари мушрика хотинлари билан бирга яшаётган эдилар. Оят тушгандан сўнг уларни талоқ қилдилар.)

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиганлар, қачон сизларга мўминалар куфр юртидан Ислом диёрига ҳижрат қилиб келсалар, уларнинг чин мўмина эканини имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонларини билгувчироқдир. Улар сир сақлаган бирон иш У Зотдан яширин қолмас. Имтиҳондан кейин уларнинг мўминалар эканини билсангизлар, бас, уларни кофир эрлариларга қайтарманглар! Мўмина аёллар кофир эрларга ҳалол эмас. Кофир эрлар мўмина аёлларга ҳалол эмас. Эрларига сарфлаган маҳрларини беринглар. Эй мўминлар, қочиб келган мўмина аёлларнинг иддаси тугаб, маҳрларини берганингиздан кейин уларни никоҳлаб олсангиз, гуноҳ бўлмас. Кимнинг хотини диндан қайтиб кофир бўлса, унинг билакларидан ушламасин. Чунки у кофира бўлиши билан никоҳ бекор бўлади. Кофирлардан ўзларингиз муртад аёлларингизга берган маҳрни талаб қилинглар ва улар ҳам ўзлари Исломни қабул қилган хотинларига берган маҳрни талаб қилсинлар. Сизлар тарафингиздан ҳам, улар тарафидан ҳам маҳрнинг қайтариб берилиши Аллоҳнинг ҳукмидир. Аллоҳ сизларнинг ўртангизда Ўзи истаганича ҳукм қилур. Аллоҳ бандаларининг аҳволини Билгувчидир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. Аллоҳ бандалари учун тузиб шариатини ҳикмат билан қилган Ҳаким Зотдир.