يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡتُلُواْ ٱلصَّيۡدَ وَأَنتُمۡ حُرُمٞۚ وَمَن قَتَلَهُۥ مِنكُم مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآءٞ مِّثۡلُ مَا قَتَلَ مِنَ ٱلنَّعَمِ يَحۡكُمُ بِهِۦ ذَوَا عَدۡلٖ مِّنكُمۡ هَدۡيَۢا بَٰلِغَ ٱلۡكَعۡبَةِ أَوۡ كَفَّٰرَةٞ طَعَامُ مَسَٰكِينَ أَوۡ عَدۡلُ ذَٰلِكَ صِيَامٗا لِّيَذُوقَ وَبَالَ أَمۡرِهِۦۗ عَفَا ٱللَّهُ عَمَّا سَلَفَۚ وَمَنۡ عَادَ فَيَنتَقِمُ ٱللَّهُ مِنۡهُۚ وَٱللَّهُ عَزِيزٞ ذُو ٱنتِقَامٍ ٩٥
Эй, иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасдан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадйи қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффороти мискинларга таом бериш ёки шу баробарида, ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўрсин учун, рўза тутишдир. Ўтганларини Аллоҳ афв қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом олур. Зотан, Аллоҳ Азийз, интиқом эгасидир. 49
Izohlar
49 (Демак, «овда синаб кўриш» деганда, мусулмон кишига эҳромдалик ҳолида ов қилиш ҳаром эканлиги тушунилади. Зотан, ҳаж ва умра ибодати мусулмон киши учун кўп томонлама синов саналади. Жумладан, молу мулк сарфлашга тайёрми-йўқми экани, жисмоний қийинчиликларга дош бера оладими, ўзини шаҳватдан, турли фаҳш гап-сўзлардан тийишга қурби етадими-йўқми — булар синалади.)
Tafsir
Эй иймон келтирганлар, ҳаж ёки умрага эҳром боғлаган чоғингларда овни ўлдирманглар. Сизлардан ким овни қасддан ўлдирса, ўша ўлдиргани миқдорида туями, сигирми ёки қўйми, товон тўлайди. Бу ишда мусулмонлар орасида адолатли одам, дея танилган икки киши ҳакамлик қилади. Улар қандай ҳайвонни тўлашга ҳукм қилсалар, у ҳадйи сифатида Маккага юборилади ва Ҳарамда сўйилади. Ёки ўша ўлдирилган ов миқдорича таом Ҳарамдаги мискинларга улашилади. Ҳар бир мискинга ярим соъдан берилади. Ё ҳар бир ярим соъ таом муқобилига бир кундан рўза тутилади. Мана шу уч хил жазонинг бири қўлланади. Токи, осий овчи қилган ишининг оқибатини ўзи татиб кўрсин. Аллоҳ илгарилари қилинган жиноятларни кечирди. Энди ким бу жиноятни яна қайта қилса, Аллоҳ ундан интиқом олади ва азоблайди. Аллоҳ Қудратлидир. Истаган пайтидан осийлардан интиқом ола билиши ўша қудратининг бир кўринишидир. Бу ишдан У Зотни ҳеч ким қайтара олмайди.