لَا يُؤَاخِذُكُمُ ٱللَّهُ بِٱللَّغۡوِ فِيٓ أَيۡمَٰنِكُمۡ وَلَٰكِن يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ ٱلۡأَيۡمَٰنَۖ فَكَفَّٰرَتُهُۥٓ إِطۡعَامُ عَشَرَةِ مَسَٰكِينَ مِنۡ أَوۡسَطِ مَا تُطۡعِمُونَ أَهۡلِيكُمۡ أَوۡ كِسۡوَتُهُمۡ أَوۡ تَحۡرِيرُ رَقَبَةٖۖ فَمَن لَّمۡ يَجِدۡ فَصِيَامُ ثَلَٰثَةِ أَيَّامٖۚ ذَٰلِكَ كَفَّٰرَةُ أَيۡمَٰنِكُمۡ إِذَا حَلَفۡتُمۡۚ وَٱحۡفَظُوٓاْ أَيۡمَٰنَكُمۡۚ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمۡ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ ٨٩
Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоротидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз. 47
Izohlar
47 (Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам боғланмоқда. Худдики, қасам бир ҳиссий нарсаю уни маҳкамлаш учун тугиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш — айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.)
Tafsir
Эй мўминлар, дилларингизда қасд қилмасдан, шунчаки тилингиздан чиққан қасамларингиз учун Аллоҳ сизларни жазоламайди. Дилларингизда қасд қилиб, кейин бузсангиз, ўшанда жазолайди. Бузган қасамингиз учун каффорат тўласангиз Аллоҳ унинг гуноҳини ўчиради. Каффорат тўлаш уч хил бўлади. Юртингиздаги одамлар истеъмол қиладиган ўртача таомлар билан ўнта мискинни тўйдириш ё уларга урфдаги кийимларни олиб бериш ёки бир мўмин қулни озод қилиш. Бу уч нарсага қурби етмаган одам уч кун рўза тутиш билан каффорат тўлайди. Эй мўминлар, бузган қасамингизнинг каффорати мана шулардир. Қасамларингизни эҳтиёт қилиб, ёлғон қасам ичишдан, ҳуда-беҳудага қасам ичаверишдан ва унга вафо қилмасликдан сақланингиз. Яхшиликларни қилаверингиз. Бузган қасамларингиз учун Аллоҳ баён қилганидек каффорат тўлангиз. Аллоҳ сизларга ҳалол ва ҳаромни ажратиб берувчи ҳукмларини баён қилади. Шоядки, билмаган нарсаларингизни билдирган Аллоҳга шукр қилсангизлар.