Al-Ma'idah surasi, 54-oyat

5:54

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مَن يَرۡتَدَّ مِنكُمۡ عَن دِينِهِۦ فَسَوۡفَ يَأۡتِي ٱللَّهُ بِقَوۡمٖ يُحِبُّهُمۡ وَيُحِبُّونَهُۥٓ أَذِلَّةٍ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ يُجَٰهِدُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَلَا يَخَافُونَ لَوۡمَةَ لَآئِمٖۚ ذَٰلِكَ فَضۡلُ ٱللَّهِ يُؤۡتِيهِ مَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌ ٥٤

Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу, Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи Зотдир. 30

Izohlar

30 (Аллоҳ таоло динининг Ер юзида барқарор бўлишни ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита — сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Ким бу шарафни етарли тақдир этса, чин қалбидан ихлос билан бу динга хизмат қилади. Бу дин йўлида жонини ҳам, молини ҳам бахш этади. Аммо ким бу улкан бахтнинг қадрига етмаса, турли баҳоналар билан Исломдан қайтса — муртад бўлса, ёмонлиги ўзигадир. Исломга ҳеч қандай зарар етмайди. Қайтага, унга ўхшаган номаъқул шахслардан холи бўлади. Аллоҳ ундайларга муҳтож эмас.)

Tafsir

Эй иймон келтирганлар, сизлардан кимлар динидан қайтиб, кофир бўлсалар, Аллоҳ уларнинг ўрнига шундай қавмни олиб келадики, Аллоҳ уларни яхши кўради, улар ҳам Аллоҳни яхши кўрадилар. Улар мўминларга мулойим, кофирларга эса қаттиққўл бўладилар. Молу жонлари билан Аллоҳнинг калимасини олий қилиш йўлида курашадилар. Аллоҳ ризосини махлуқлар ризосидан устун қўйганлари боис йўлдаги тўсиқлардан, озорлару маломатлардан қўрқмайдилар. Бу Аллоҳнинг бир фазлу марҳаматидирки, уни Ўзи истаган бандасига ато этади. Аллоҳ фазлу марҳамати кенг ва шу фазлу марҳаматига ким лойиқлигини ва ким лойиқ эмаслигини биладиган Зотдир.