فِيهِ ءَايَٰتُۢ بَيِّنَٰتٞ مَّقَامُ إِبۡرَٰهِيمَۖ وَمَن دَخَلَهُۥ كَانَ ءَامِنٗاۗ وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ ٱللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ ٱلۡعَٰلَمِينَ ٩٧
Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир. 44
Izohlar
44 (Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти. «Бакка» — Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.)
Tafsir
Бу уйнинг фазли ва шарафини кўрсатиб турадиган белгилар унинг ўзида мавжуд. Унда қилинадиган ибодатлар, Иброҳим алайҳиссалом Каъба деворини кўтармоқчи бўлганда устида турган маълум ва машҳур тошнинг ўша ердалиги, унга кириб олган одамнинг хавфу хатардан холи бўлиши каби ишлар шулар жумласидандир. Йўл кирасига ва жисмонан қодир одам ҳаж ибодатларини адо этиш учун шу Уйга бориши вожиб бўлади. Ким ҳаж фарзини инкор қилса, Аллоҳ у кофирдан ҳам ва бутун оламлардан ҳам Беҳожатдир.