أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِينَ أُوتُواْ نَصِيبٗا مِّنَ ٱلۡكِتَٰبِ يُدۡعَوۡنَ إِلَىٰ كِتَٰبِ ٱللَّهِ لِيَحۡكُمَ بَيۡنَهُمۡ ثُمَّ يَتَوَلَّىٰ فَرِيقٞ مِّنۡهُمۡ وَهُم مُّعۡرِضُونَ ٢٣
Китобдан насиба берилганларга қарамайсанми?! Ораларида ҳукм юритиш учун Аллоҳнинг китобига чақирилганларида улардан бир гуруҳлари юз ўгириб ортга қайтарлар. 12
Izohlar
12 (Ибн Исҳоқ ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Байтул Мидросда бир гуруҳ яҳудийларни Аллоҳнинг динига чақирганларида, улардан Нуъмон ибн Амр ва Ҳарс ибн Зайд деганлари: «Эй Муҳаммад, сен қайси диндасан?» дедилар. У зот алайҳиссалом: «Иброҳим миллати ва динидаман», дедилар. Улар: «Иброҳим яҳудий бўлган, дейишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, келинглар, шу масалани Тавротдан кўрайлик», деганларида, улар бош тортдилар.)
Tafsir
Эй Муҳаммад алайҳиссалом, яҳудлар аҳволига бир қаранг. Аллоҳ уларга Таврот илмидек бебаҳо неъматни бериб қўйибди. Унда сизнинг пайғамбарлигингизга далолат қилувчи ҳужжат бор. Энди улар ўзаро ихтилофларига Тавротни ҳакам қилиб олишга чақирилсалар, олимлари ва раҳбарларидан бир гуруҳи ундан бош тортяптилар. Чунки бу иш уларнинг ҳавойи нафсларига мос тушмаяпти. Ахир улар ўзларини, Тавротнинг тобелари, дея даъво қилмасмидилар?! Шундай экан, Тавротни ҳакам қилиб олишга биринчилардан бўлиб чопиб келишлари керак эмасмиди?