وَإِنَّ مِنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ لَمَن يُؤۡمِنُ بِٱللَّهِ وَمَآ أُنزِلَ إِلَيۡكُمۡ وَمَآ أُنزِلَ إِلَيۡهِمۡ خَٰشِعِينَ لِلَّهِ لَا يَشۡتَرُونَ بِـَٔايَٰتِ ٱللَّهِ ثَمَنٗا قَلِيلًاۚ أُوْلَٰٓئِكَ لَهُمۡ أَجۡرُهُمۡ عِندَ رَبِّهِمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ سَرِيعُ ٱلۡحِسَابِ ١٩٩
Албатта, аҳли китоблардан Аллоҳга, сизларга туширилган нарсага, уларга туширилган нарсага иймон келтирадиганлари, Аллоҳга ўзини хор тутиб бўйин эгадиганлари, Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотмайдиганлари бордир. Ана ўшаларга Роббилари ҳузурида ажр бордир. Албатта, Аллоҳ тезҳисоб Зотдир.
Tafsir
Аҳли китобларнинг ҳаммаси ҳам баробар эмас. Улар орасида Аллоҳга, сизларга нозил қилинган ҳақ ва ҳидоятга, ўзларига нозил қилинган китобларидаги хабарларга иймон келтирадиганлари, пайғамбарларни бир-биридан ажратмайдиганлари, Аллоҳга ўзини хор тутиб, ажру савоб умидида эгиладиганлари, Аллоҳнинг оятларини дунёнинг арзимас матоларига сотиб юбормайдиганлари бордир. Шундай сифатларга эга бўлганларга Парвардигорлари ҳузурида буюк ажру савоблар бордир. Аллоҳ амалларни тез ҳисоб-китоб қиладиган ва уларга тез жазо ёки мукофот берадиган Зотдир.