وَإِذۡ أَخَذَ ٱللَّهُ مِيثَٰقَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ لَتُبَيِّنُنَّهُۥ لِلنَّاسِ وَلَا تَكۡتُمُونَهُۥ فَنَبَذُوهُ وَرَآءَ ظُهُورِهِمۡ وَٱشۡتَرَوۡاْ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلٗاۖ فَبِئۡسَ مَا يَشۡتَرُونَ ١٨٧
Аллоҳ китоб берилганлардан, уни одамларга албатта баён қилурсиз ва беркитмассиз, деб аҳд олганини эсла. Бас, уни ортларига қаратиб отдилар ва арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари қандай ҳам ёмон! 82
Izohlar
82 (Ояти каримада аҳли китобларнинг, хусусан, яҳудийларнинг аҳдни бузиб, хиёнат қилишлари ўзига хос услуб ила баён этиляпти. Аслида, Аллоҳ уларга китоб бераётган пайтда, бу китобни албатта, одамларга баён қиласиз ва беркитмайсиз, деб аҳд олган эди. Жумладан, улар келишининг хабари ўз китобларида берилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари ва у киши ҳақидаги маълумотларни беркитмасдан одамларга баён қилишлари керак эди. Улар рози бўлиб, аҳд бериб олган бўлсалар ҳам, аҳдни буздилар.)
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссалом, эсланг! Аллоҳ аҳли китоб - яҳуд ва насороларнинг олимларидан, Аллоҳнинг китобини одамларга ҳақ билан баён қиласизлар, унинг ичидаги ҳидоятни ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги ҳақидаги хабарни яширмайсизлар, деб аҳду паймон олган эди. Улар эса бу аҳду паймонни назар-писанд қилмасдан, ортларига отдилар, ҳақиқатни яшириб, ботилни ҳақ қилиб кўрсатдилар, Аллоҳга берган аҳдларини мол-давлат ва обрў каби арзон нархга сотдилар. Сотиб олган нарсалари нақадар ёмон!