Al-Imran surasi, 103-oyat

3:103

وَٱعۡتَصِمُواْ بِحَبۡلِ ٱللَّهِ جَمِيعٗا وَلَا تَفَرَّقُواْۚ وَٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتَ ٱللَّهِ عَلَيۡكُمۡ إِذۡ كُنتُمۡ أَعۡدَآءٗ فَأَلَّفَ بَيۡنَ قُلُوبِكُمۡ فَأَصۡبَحۡتُم بِنِعۡمَتِهِۦٓ إِخۡوَٰنٗا وَكُنتُمۡ عَلَىٰ شَفَا حُفۡرَةٖ مِّنَ ٱلنَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنۡهَاۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمۡ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُونَ ١٠٣

Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз. 47

Izohlar

47 (Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси — Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.)

Tafsir

Эй мўминлар, китоб ва суннатни маҳкам ушлангиз, тафриқага олиб борадиган ишларга яқинлаша кўрмангиз. Аллоҳ ато этган неъматларни эслангиз. Исломдан олдин бир-бирингизга душман эдингиз, арзимаган сабаб билан бир-бирингиз билан жанг қилардингиз. Ислом туфайли қалбларингиз бирлашди, унинг фазли билан ўзаро иноқ, аҳил диний биродарларга айландингиз. Олдин куфрингиз туфайли дўзах ёқасида бўлсангиз, эндиликда Ислом шарофати билан Аллоҳ сизларни ундан халос этди ва иймонга ҳидоят қилди. Аллоҳ сизларга шуларни айтганидек, дунё ва охиратингизни ислоҳ қиладиган омилларни ҳам баён қилади. Токи, рушду ҳиядот топиб, тўғри йўлдан боринглар.