Al-Hujurat surasi, 12-oyat

49:12

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱجۡتَنِبُواْ كَثِيرٗا مِّنَ ٱلظَّنِّ إِنَّ بَعۡضَ ٱلظَّنِّ إِثۡمٞۖ وَلَا تَجَسَّسُواْ وَلَا يَغۡتَب بَّعۡضُكُم بَعۡضًاۚ أَيُحِبُّ أَحَدُكُمۡ أَن يَأۡكُلَ لَحۡمَ أَخِيهِ مَيۡتٗا فَكَرِهۡتُمُوهُۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَۚ إِنَّ ٱللَّهَ تَوَّابٞ رَّحِيمٞ ١٢

Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир. 6

Izohlar

6 (Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.)

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиганлар, ўз исботини топмаган туҳматлардан, асоссиз гумонлардан йироқ бўлинглар. Айрим гумонлар гуноҳдир. Зоҳиран яхшидек кўринган иш ҳақида ёмон гумон қилиш шулар жумласидандир. Мўминларни кавлаштириб, улардан айб қидирманглар. Бировингиз яна бировингизни ғийбат қилмасин, яъни, у ҳақда ўзи ёқтирмайдиган гапни айтмасин. Бировни ғийбат қилиш ўлигининг гўштини ейиш билан баробар. Қайси бирингиз ўлган биродарининг гўштини ейишни истайди?! Шундай экан, ўлган биродарингизнинг гўштини ейишдан қанчалик жиркансангиз, уни ғийбат қилишдан ҳам шунчалик жирканинглар. Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Аллоҳ тавба қилган бандаларининг тавбасини қабул қиладиган ва уларга Меҳрибон Зотдир.