Al-Hujurat surasi, 11-oyat

49:11

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا يَسۡخَرۡ قَوۡمٞ مِّن قَوۡمٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُونُواْ خَيۡرٗا مِّنۡهُمۡ وَلَا نِسَآءٞ مِّن نِّسَآءٍ عَسَىٰٓ أَن يَكُنَّ خَيۡرٗا مِّنۡهُنَّۖ وَلَا تَلۡمِزُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ وَلَا تَنَابَزُواْ بِٱلۡأَلۡقَٰبِۖ بِئۡسَ ٱلِٱسۡمُ ٱلۡفُسُوقُ بَعۡدَ ٱلۡإِيمَٰنِۚ وَمَن لَّمۡ يَتُبۡ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلظَّٰلِمُونَ ١١

Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир. 5

Izohlar

5 (Албатта масхара ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.)

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтириб, шариатига амал қиладиганлар, орангиздаги бир қавм бошқа қавм устидан кулмасин, масхара қилмасин. Эҳтимол ўша масхара қилинаётган қавм Аллоҳнинг наздида улардан кўра яхшироқдир. Айрим аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасинлар. Эҳтимол ўша масхара қилинаётган аёллар улардан кўра яхшироқдирлар. Биродарингизни айбласангиз, ўзингизни айблагандек бўласиз. Бир-бирингизга лақаб қўйманглар. Пайғамбар алайҳиссалом келишларидан олдин айрим ансорлар шундай қилгандилар. Ким шу ишни қилса, у фосиқдир. Иймонга мушарраф бўлгандан кейин фосиқ номини олиш нақадар ёмон! Ким бу гуноҳлардан тавба қилмаса, ана ўшалар ўз жонига жабр қилган золимлардир. Чунки улар гуноҳлар қилиб, ўзларини ўзлари ҳалокат чоҳига отмоқдалар.