Al-Hajj surasi, 30-oyat

22:30

ذَٰلِكَۖ وَمَن يُعَظِّمۡ حُرُمَٰتِ ٱللَّهِ فَهُوَ خَيۡرٞ لَّهُۥ عِندَ رَبِّهِۦۗ وَأُحِلَّتۡ لَكُمُ ٱلۡأَنۡعَٰمُ إِلَّا مَا يُتۡلَىٰ عَلَيۡكُمۡۖ فَٱجۡتَنِبُواْ ٱلرِّجۡسَ مِنَ ٱلۡأَوۡثَٰنِ وَٱجۡتَنِبُواْ قَوۡلَ ٱلزُّورِ ٣٠

Ана шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, бас, бу Робби ҳузурида унинг ўзи учун яхшидир. Ва сизларга (келажакда) тиловат қилинадиганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг.

Tafsir

Соч ва тирноқларни олиб, кирлардан тозаланиб, эҳромдан чиқиш ҳамда бўйнингиздаги вазифаларни адо этиб, Уйни тавоф қилиш каби ишлар Аллоҳ буюрган ишлардир. Аллоҳ буюрган ишларга риоя қилинглар, уларни улуғ билинглар. Ким Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадларни улуғ билиб, У Зотнинг тақиқларидан тийилса, бу дунёда ҳам, охиратда Парвардигори ҳузурида турганида ҳам ўзига яхши бўлади. Мушриклар баҳийрани, яъни, маълум миқдорда бола кўрганидан кейин қулоғи кесилган туяни, соибани, яъни, маълум ёшга етганидан кейин санамларига ташлаб берилган туяни, васийлани, яъни, урғочидан кейин урғочи туғаверган туяни, ҳомийни, яъни, пуштидан маълум миқдорда бўталоқ туғилган эркак туяни ўзларига ўзлари ҳаром қилиб олиб, уларни Аллоҳ ҳаром қилган, дея Аллоҳга бўҳтон қиладилар. "Моида" сурасининг 103-оятида бу ҳақда айтиб ўтилган. Бу оятда ана шунга жавобан айтиляптики, эй одамлар, сизларга туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Улардан биронтаси ҳам, ҳомий ҳам, баҳийра ҳам, васийла ҳам ҳаром қилинмаган. Фақат Қуръонда айтиб ўтилган ўлимтик, қон ва ҳоказоларгина ҳаром қилинган, холос. Бас, бутлар каби нажасдан йироқ бўлинглар ва Аллоҳга қарши айтилган ҳар қандай ноҳақ, ёлғон гапдан йироқ бўлинглар.