Al-Baqarah surasi, 272-oyat

2:272

۞ لَّيۡسَ عَلَيۡكَ هُدَىٰهُمۡ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ يَهۡدِي مَن يَشَآءُۗ وَمَا تُنفِقُواْ مِنۡ خَيۡرٖ فَلِأَنفُسِكُمۡۚ وَمَا تُنفِقُونَ إِلَّا ٱبۡتِغَآءَ وَجۡهِ ٱللَّهِۚ وَمَا تُنفِقُواْ مِنۡ خَيۡرٖ يُوَفَّ إِلَيۡكُمۡ وَأَنتُمۡ لَا تُظۡلَمُونَ ٢٧٢

Уларни ҳидоятга солиш сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга бошлар. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга. Қилган нафақангиз фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас.

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларни ҳидоятга бошлаш, ҳақиқатни тан олдириш ва унга эргаштириш сизнинг зиммангиздаги бурчингиз эмас. Сизнинг вазифангиз ҳақиқатни таништириш ва унга йўллаб қўйиш, холос. Тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳнинг қўлидадир. У Зот Ўзи истаган одамни ҳидоят қилади. Қандай яхшиликни инфоқ-эҳсон қилсангизлар, ҳаммаси ўзингизнинг фойдангиз учундир. Чунки Аллоҳ сизнинг эҳсонингизга муҳтож эмас. Қилаётган эҳсонинглар холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, ҳақиқий мўминлар ёлғиз Аллоҳнинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қиладилар. Озми, кўпми, қилган эҳсонингларнинг савобини тўла-тўкис оласизлар. Чунки Аллоҳ ҳеч кимга зулм қилмайди.