Al-Baqarah surasi, 249-oyat

2:249

فَلَمَّا فَصَلَ طَالُوتُ بِٱلۡجُنُودِ قَالَ إِنَّ ٱللَّهَ مُبۡتَلِيكُم بِنَهَرٖ فَمَن شَرِبَ مِنۡهُ فَلَيۡسَ مِنِّي وَمَن لَّمۡ يَطۡعَمۡهُ فَإِنَّهُۥ مِنِّيٓ إِلَّا مَنِ ٱغۡتَرَفَ غُرۡفَةَۢ بِيَدِهِۦۚ فَشَرِبُواْ مِنۡهُ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنۡهُمۡۚ فَلَمَّا جَاوَزَهُۥ هُوَ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مَعَهُۥ قَالُواْ لَا طَاقَةَ لَنَا ٱلۡيَوۡمَ بِجَالُوتَ وَجُنُودِهِۦۚ قَالَ ٱلَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلَٰقُواْ ٱللَّهِ كَم مِّن فِئَةٖ قَلِيلَةٍ غَلَبَتۡ فِئَةٗ كَثِيرَةَۢ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۗ وَٱللَّهُ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ ٢٤٩

Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у(дарё)дан ўтганларида, улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», – дедилар. 111

Izohlar

111 (Асл нарса ўзи оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган, муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Аллоҳниг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.)

Tafsir

Толут лашкарни шаҳардан олиб чиққач, уларга шундай деди: "Аллоҳ сизларни бир дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у билан йўлимиз бир эмас ва у менинг сафимда жанг қилмайди. Ким ичмаса, у билан йўлимиз бир ва у менинг сафимда жанг қилади. Мажбур бўлиб қолганидан қўли билан бир ҳовучгина олиб ичган одам бундан мустасно". Лашкарнинг катта кўпчилиги ундан ичдилар. Оз сонли сабрлиларгина ўта қаттиқ ташналикларига қарамасдан ичмадилар. Толут мўминлар билан бирга дарёдан ўтгач, қўшиндаги айрим аскарлар: "Бу кун Жолут ва унинг қўшинига бас кела олмаймиз, кучимиз етмайди", дедилар. Ана шунда қиёмат кунида Аллоҳга рўбарў келишига ишонадиган зотлар: "Қанча оз сонли мўминлар борки, Аллоҳнинг изни ва мадади ила кўп сонли кофирлардан ғолиб бўлганлар", дедилар. Яъни, ғалаба учун муҳим омил соннинг кўплиги эмас, иймондир. Аллоҳ сабрли бандалари билан биргадир. Уларни қўллаб-қувватлаб, нусрат бериб туради.