Al-Baqarah surasi, 232-oyat

2:232

وَإِذَا طَلَّقۡتُمُ ٱلنِّسَآءَ فَبَلَغۡنَ أَجَلَهُنَّ فَلَا تَعۡضُلُوهُنَّ أَن يَنكِحۡنَ أَزۡوَٰجَهُنَّ إِذَا تَرَٰضَوۡاْ بَيۡنَهُم بِٱلۡمَعۡرُوفِۗ ذَٰلِكَ يُوعَظُ بِهِۦ مَن كَانَ مِنكُمۡ يُؤۡمِنُ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِۗ ذَٰلِكُمۡ أَزۡكَىٰ لَكُمۡ وَأَطۡهَرُۚ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ وَأَنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ ٢٣٢

Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро ризолашинг, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, қийинлаштирманг. Ушбу ила сизлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар ваъзланади. Шундоқ қилишингиз сиз учун тозароқ ва покроқдир. Ва Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз. 102

Izohlar

102 (Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида синглисини мусулмонлардан бир кишига эрга берибди. Эру хотин бир муддат бирга яшашибди. Кейин эр хотинини бир талоқ қўйиб, қайтмабди. Иддаси чиқиб кетибди. Кейин икковлари ҳам афсус қилиб, эр хотинга, хотин эрга муҳаббат қилибди. Ва бошқа совчилар қатори совчи қўйибди. Шунда Маъқал ибн Ясар унга: «Пасткашнинг ўғли пасткаш! Сени ҳурмат қилиб синглимни берган эдим, сен бўлса уни талоқ қилдинг. Аллоҳга қасамки, у сенга абадий қайтмайди», дебди. Сўнгра Аллоҳ таоло эрнинг хотинга, хотиннинг эрга ҳожатини билиб, «Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари етганда...» деб бошланиб, «... сиз эса билмайсиз», деб туговчи оятни нозил қилди. Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу ояти каримани эшитишлари билан: «Парвардигорнинг сўзини эшитдик ва итоат қиламиз, дедилар-да, куёвни чақириб: «Синглимни сенга никоҳлаб бераман ва сени ҳурмат қиламан», дедилар.)

Tafsir

Биринчи ва иккинчи талоқдан кейин иддаси чиқса ва олдинги эри билан яхши яшаб кетишга келишиб, янги никоҳ билан қайта ярашишни истаса, валийлари унга тўсқинлик қилмасинлар. Бу ҳукм Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар учун эслатмадир. У эзгуликни кучайтирадиган, обрўларингизни ҳам, амалларингизни ҳам покиза тутишга ундайдиган ҳукмдир. Ишларнинг моҳиятини ҳам, оқибатларини ҳам Аллоҳ билади, сизлар эса билмайсизлар.