Al-Baqarah surasi, 20-oyat

2:20

يَكَادُ ٱلۡبَرۡقُ يَخۡطَفُ أَبۡصَٰرَهُمۡۖ كُلَّمَآ أَضَآءَ لَهُم مَّشَوۡاْ فِيهِ وَإِذَآ أَظۡلَمَ عَلَيۡهِمۡ قَامُواْۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمۡعِهِمۡ وَأَبۡصَٰرِهِمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ ٢٠

Чақмоқ уларнинг кўзини олиб қўяй дейди. Ёришган пайтда юришар, қоронғи бўлса, тўхташар. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўзу қулоқларини кетказур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. 8

Izohlar

8 (Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)

Tafsir

Яшин нурининг ўткирлиги билан уларнинг кўзларини олиб қўяй дейди. У атрофни ёритганида юриб оладилар, ўчганида эса турган жойларида қимирламасдан қотиб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳақиқатдан юз ўгирганлари туфайли уларнинг кўзу қулоқларини Ўзининг чексиз қудрати ила батамом йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Ёмғир Қуръонга, момақалдироқ овози ундаги тақиқлару огоҳлантиришларга, чақмоқнинг чақиши гоҳида бир ҳақиқатнинг ялт этиб кўринишига, қулоқларни бармоқлар билан тўсиш эса ҳақдан юз ўгириб, унга қулоқ солмасликка ўхшатиляпти. Мунофиқлар билан бу икки масалдагиларнинг ўхшашлик жиҳати фойдалана билмасликдир. Ўтга оид масалда олган фойдалари қоронғулик ва куйиш бўлди, холос. Сувга оид масалда эса қўрқув ва безовталик бўлди. Мунофиқлар ҳам худди шундай. Уларга Ислом фақат қийинчилик ва оғир юк бўлиб кўринади.