أُحِلَّ لَكُمۡ لَيۡلَةَ ٱلصِّيَامِ ٱلرَّفَثُ إِلَىٰ نِسَآئِكُمۡۚ هُنَّ لِبَاسٞ لَّكُمۡ وَأَنتُمۡ لِبَاسٞ لَّهُنَّۗ عَلِمَ ٱللَّهُ أَنَّكُمۡ كُنتُمۡ تَخۡتَانُونَ أَنفُسَكُمۡ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡ وَعَفَا عَنكُمۡۖ فَٱلۡـَٰٔنَ بَٰشِرُوهُنَّ وَٱبۡتَغُواْ مَا كَتَبَ ٱللَّهُ لَكُمۡۚ وَكُلُواْ وَٱشۡرَبُواْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَكُمُ ٱلۡخَيۡطُ ٱلۡأَبۡيَضُ مِنَ ٱلۡخَيۡطِ ٱلۡأَسۡوَدِ مِنَ ٱلۡفَجۡرِۖ ثُمَّ أَتِمُّواْ ٱلصِّيَامَ إِلَى ٱلَّيۡلِۚ وَلَا تُبَٰشِرُوهُنَّ وَأَنتُمۡ عَٰكِفُونَ فِي ٱلۡمَسَٰجِدِۗ تِلۡكَ حُدُودُ ٱللَّهِ فَلَا تَقۡرَبُوهَاۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ ءَايَٰتِهِۦ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمۡ يَتَّقُونَ ١٨٧
Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра, рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар. 79
Izohlar
79 («Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжидда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.)
Tafsir
Дастлаб Рамазон кечаларида ярим тунда бомдоддан олдин уйғонган одамга овқатланиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳаром бўлган. Кейин Аллоҳ бу ҳукмни насх-бекор қилди. Мана энди эй мўминлар, Рамазон кечаларида ҳам аёлингизга яқинлик қилишингиз мумкин. Зеро, гуноҳдан-зинодан сақланиш борасида бир-бирингизга муҳтожсиз ҳамда аёлларингиз сизларга, сизлар эса аёлларингизга парда-ҳимоядирсизлар. Аллоҳ сизларнинг тақиқланган ишни қилиб, ўзингизга ўзингиз хиёнат қилаётганингизни билди ва сизларни кечириб, сизларга раҳм қилиб, шу енгиллики ато этди. Мана энди улар билан қўшилишинглар ва Аллоҳ берганича зурриёт қолдиришга ҳаракат қилишинглар мумкин. То субҳи содиқ бўлиб, кун ёруғлиги тун қоронғулигидан ажраб қолгунига қадар еб-ичаверинглар. Кейин то кун ботгунига қадар рўзани бузадиган ишлардан тийилинглар. Масжидларда эътикоф ўтирган пайтингларда аёлингларга яқинлик қилманглар. Чунки бу иш эътикофни бузадиган амалдир. Бу ҳукмлар Аллоҳ ҳалол билан ҳаром орасига ўрнатиб қўйган ҳудудлардирки, уларга яқинлаша кўрманглар. Негаки, уларга яқинлашган одам ҳаром чоҳига тушиб кетиши ҳеч гап эмас! Аллоҳ инсонларга Ўзининг оятларини мана шундай очиқ-равшан тарзда баён қилади. Шояд улар тақво қилиб, Аллоҳнинг буйруқларини бажарсалар ва тақиқларидан тийилсалар.