Al-Baqarah surasi, 158-oyat

2:158

۞ إِنَّ ٱلصَّفَا وَٱلۡمَرۡوَةَ مِن شَعَآئِرِ ٱللَّهِۖ فَمَنۡ حَجَّ ٱلۡبَيۡتَ أَوِ ٱعۡتَمَرَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيۡهِ أَن يَطَّوَّفَ بِهِمَاۚ وَمَن تَطَوَّعَ خَيۡرٗا فَإِنَّ ٱللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ ١٥٨

Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи) ва билувчидир. 64

Izohlar

64 (Оятда Аллоҳ таоло: «Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъй қилиши гуноҳ эмас», дейди. Ушбу оят ҳужжат бўлиб шариатимизда Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъйи қилиш вожиб амал, деб белгиланган. Оятда саъйи қилиш вожиб бўлади, дейиш ўрнига, «Саъйи қилиш гуноҳ бўлмайди», дейилишининг боиси шуки, иккала тепаликда бут борлиги учун, саъйи қилиш мушрикларнинг иши, гуноҳ бўлади, деб ўйлаб мусулмонлар саъйи қилмай қўйган эдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло гуноҳ бўлмайди, саъйи қилинглар, демоқда.)

Tafsir

Каъба яқинидаги икки машҳур Сафо ва Марва тоғлари шариатнинг зоҳирий белгиларидан. Ҳаж ва умра ибодатига борганлар улар орасида саъй (ҳаракат, яъни, юриш ёки енгил югуриш) қиладилар. Бу амал Исломдан олдин жоҳилиятда ҳам бўлгани учун саҳобалар уни қилишга иккиланганлар. Оятдаги уни қилган одамга гуноҳ йўқ, дейилиши шундан. Аллоҳ таоло бу амалнинг ҳаж ибодатларидан эканини баён қилди. Энди ким ўз ихтиёри билан ихлос қилиб, мустаҳаб (қилса савоб, қилмаса гуноҳ йўқ) амалларни қилса, Аллоҳ унинг савобини кўп қилиб беради, амалини қабул қилади ва мукофотлайди. Аллоҳ яхши амал қилганни ҳам, савобга ким лойиқлигини ҳам биладиган Зотдир.