Al-Baqarah surasi, 120-oyat

2:120

وَلَن تَرۡضَىٰ عَنكَ ٱلۡيَهُودُ وَلَا ٱلنَّصَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمۡۗ قُلۡ إِنَّ هُدَى ٱللَّهِ هُوَ ٱلۡهُدَىٰۗ وَلَئِنِ ٱتَّبَعۡتَ أَهۡوَآءَهُم بَعۡدَ ٱلَّذِي جَآءَكَ مِنَ ٱلۡعِلۡمِ مَا لَكَ مِنَ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٍ ١٢٠

Сендан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингча ҳеч-ҳеч рози бўлмаслар. «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир», деб айт. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, сени Аллоҳдан (қутқарувчи) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.

Tafsir

Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарини огоҳлантириб шундай хитоб қиляпти: "Яҳудий ва насронийлар то Исломни тарк қилиб, ўшаларнинг ботил йўлларини тутмагунингизча сиздан рози бўлишмайди. Сиз уларга: "Аллоҳнинг китоби ва очиқламаларигина чин ҳидоятдир, сизларнинг йўлингиз эса ботилдир", деб айтинг. Сизларга очиқ-ойдин ҳақиқат келганидан кейин ҳам ўзингиз ёки тобеларингиздан бири уларга эргашадиган бўлса, ҳаргиз Аллоҳ тарафидан бирор мададга, қўлловга ноил бўла олмассизлар". Бу хитоб билан ҳақдан воз кечиб ботил аҳлига яқинлашиш, нақадар хатарли эканига урғу бериляпти.