وَٱتَّبَعُواْ مَا تَتۡلُواْ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلۡكِ سُلَيۡمَٰنَۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيۡمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحۡرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلۡمَلَكَيۡنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنۡ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحۡنُ فِتۡنَةٞ فَلَا تَكۡفُرۡۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنۡهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَزَوۡجِهِۦۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنۡ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمۡ وَلَا يَنفَعُهُمۡۚ وَلَقَدۡ عَلِمُواْ لَمَنِ ٱشۡتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنۡ خَلَٰقٖۚ وَلَبِئۡسَ مَا شَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡۚ لَوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ ١٠٢
Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна — синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! 43
Izohlar
43 (Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима — кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.)
Tafsir
Аллоҳнинг динини тарк қилганларидан кейин унинг ўрнига Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон давридаги шайтонлар тўқиб чиқарган хурофотга эргаша бошладилар. Сулаймоннинг подшоҳлиги сеҳр билан мустаҳкам бўлган, деб ўйладилар. Аслида эса яҳудлар ўйлаганидек, Сулаймон сеҳр билан шуғулланиб, куфр келтирмаганди. Балки шайтонлар одамларга сеҳрни, Ироқда жойлашган Бобил шаҳридаги икки фаришта Ҳорут ва Морутга тушган жодуни ўргатиб, куфр келтиргандилар. Аслида бу икки фаришта одамларни синаш, имтиҳон қилиш учунгина туширилганди. Улар ўргатишдан олдин, биз синов ва имтиҳонмиз, сеҳрни ўрганиб, кофирга айланиб қолма, дея огоҳлантирардилар. Уларнинг насиҳатини олмаганлар эр билан аёли ўртасига адоват уруғини экиб, уларни ажратиб юборадиган жодуни ўрганарди. Аммо бу сеҳргарлар Аллоҳнинг изни ва хоҳиш-иродасисиз ҳеч кимга таъсир қила олмайдилар. Улар ўзларига фойда келтирадиган эмас, зарар қиладиган илмни ўрганардилар. Ҳолбуки, яҳудлар Аллоҳнинг китоби эвазига сеҳрни алмаштириб оладиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба бўлмаслигини жуда яхши билардилар. Ўзларини ўзлари нақадар ёмон нарсага сотдилар. Аллоҳнинг ваҳийси ва шариатидек покиза, буюк мақомни сеҳрдек тубан, қабиҳ матоҳга алмаштириб ўтирибдилар-а. Фойда-зарарни ажрата олганларида эди, бу қадар қабиҳ ишга, очиқ залолатга қадам босмаган бўлардилар.