وَإِن يُرِيدُوٓاْ أَن يَخۡدَعُوكَ فَإِنَّ حَسۡبَكَ ٱللَّهُۚ هُوَ ٱلَّذِيٓ أَيَّدَكَ بِنَصۡرِهِۦ وَبِٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٦٢
Агар сени алдашни ирода қилсалар, бас, сенга Аллоҳ кифоя қиладир. У сени Ўз нусрати ва мўминлар билан қўллаган.
Tafsir
Эй Пайғамбар, уларнинг жангни тўхтатиб, сулҳга мойил бўлишдан мақсадлари сизни алдаш ва кейинги жангга яхшироқ тайёргарлик кўриш бўлса, парво қилманг. Аллоҳнинг Ўзи сизни уларнинг ҳийла-найрангларидан асрагай. У Зот олдин ҳам сизни ва мўминларни қўллаб-қувватлаб, сизларни ғалабага эриштирганди.