Al-Anfal surasi, 46-oyat

8:46

وَأَطِيعُواْ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ وَلَا تَنَٰزَعُواْ فَتَفۡشَلُواْ وَتَذۡهَبَ رِيحُكُمۡۖ وَٱصۡبِرُوٓاْۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ ٤٦

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. 19

Izohlar

19 (Ғалаба омилларидан бири — Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидаги гап. Энди оламларнинг Яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, У зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.)

Tafsir

Ҳамма ҳолатингизда, сўзингизда ҳам, ишингизда ҳам Аллоҳ ва пайғамбарига итоат этишни ўзингизга шиор қилиб олинг. Ўзаро талашиб-тортишаверманг. Тортишавериш қувватни қирқиб, заифлашиш ва қўрқоқликка олиб боради. Душманга қарши сабр-матонат билан турингиз. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир. Уларга мадад бергай, уларни қўллаб-қувватлагай. Аллоҳ ким билан бирга бўлса, ўша ғолиб бўлиши муқаррардир.