وَرَبُّكَ ٱلۡغَنِيُّ ذُو ٱلرَّحۡمَةِۚ إِن يَشَأۡ يُذۡهِبۡكُمۡ وَيَسۡتَخۡلِفۡ مِنۢ بَعۡدِكُم مَّا يَشَآءُ كَمَآ أَنشَأَكُم مِّن ذُرِّيَّةِ قَوۡمٍ ءَاخَرِينَ ١٣٣
Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳиби бўлган Зотдир. Агар хоҳласа, худди сизларни бошқа қавмлар зурриётидан пайдо қилганидек, сизларни кетказиб, ортингиздан нимани хоҳласа, ўринбосар қилиб келтирур. 48
Izohlar
48 (Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган Зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга пайғамбарлари орқали дин — шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, Парвардигорингиз бандаларидан беҳожатдир. У Зот бандаларнинг ўзларига ҳам, қиладиган ибодатларига ҳам муҳтож эмас. Уларнинг куфр келтиришлари У Зотга зарар қилмас. Беҳожат бўла туриб У Зот бандаларига Меҳрибон. Эй осий бандалар, агар У Зот истаганида Ўзи тарафидан бир азоб юбориб, сизларни батамом қириб ташлаган, кейин эса Ўзига иймон келтирадиган ва итоат қиладиган бошқа одамларни яратган бўларди. Мана, сизларни ҳам олдинги бошқа бир қавмнинг наслидан яратган-ку.