Ghafir surasi, 37-oyat

40:37

أَسۡبَٰبَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ فَأَطَّلِعَ إِلَىٰٓ إِلَٰهِ مُوسَىٰ وَإِنِّي لَأَظُنُّهُۥ كَٰذِبٗاۚ وَكَذَٰلِكَ زُيِّنَ لِفِرۡعَوۡنَ سُوٓءُ عَمَلِهِۦ وَصُدَّ عَنِ ٱلسَّبِيلِۚ وَمَا كَيۡدُ فِرۡعَوۡنَ إِلَّا فِي تَبَابٖ ٣٧

Осмонларнинг сабабларига етсам, сўнгра Мусонинг Илоҳига боқсам. Албатта, мен уни ёлғончи деб, гумон қилмоқдаман». Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали зийнатланди ва у йўлдан тўсилди. Фиръавннинг макр-ҳийласи зиёнкорликдан бошқа нарса эмас. 15

Izohlar

15 (У вазири Ҳомонни баланд қаср қуришга буюрди. У қаср нима учун керак бўлиб қолганини ҳам айтди, осмонларга чиқадиган сабабларга, йўлларга етишсаму чиқиб Мусонинг худосини кўрсам. Мен Мусонинг Аллоҳ томонидан юборилган пайғамбар эканига ишонмайман, ўзим осмонга чиқиб, унинг ёлғончи эканини исботламоқчиман, деди. Фиръавннинг бу гаплари қайси томондан олиб қаралганда ҳам қавмни алдаш, ўзини олий мақом қилиб кўрсатиш ва Аллоҳнинг динини инкор этишдан иборат экани билинади. Бу гаплар унинг инсофга келиб, тўғри йўлга тушмаслигидан дарак берарди.)

Tafsir

"Токи, самога кўтарилиш имкони топиб, Мусо айтаётган маъбудни кўрсам. Мен Мусони аниқ ёлғончи, деб ўйлайман". Фиръавнга ўзининг бу манфур иши чиройли кўриниб, Ҳомонга шу истагини айтди. Шу билан ҳақ йўлдан озиб, залолат сари кетди. Фиръавннинг бу иши, яъни, ўзининг ботили билан Мусо олиб келган ҳақни маҳв этишга уриниши муваффақиятсизлик билан тугаши аниқ. Зеро, унинг оқибати ҳеч қачон адо бўлмас бахтиқароликдир, омадсизликдир.