Ghafir surasi, 28-oyat

40:28

وَقَالَ رَجُلٞ مُّؤۡمِنٞ مِّنۡ ءَالِ فِرۡعَوۡنَ يَكۡتُمُ إِيمَٰنَهُۥٓ أَتَقۡتُلُونَ رَجُلًا أَن يَقُولَ رَبِّيَ ٱللَّهُ وَقَدۡ جَآءَكُم بِٱلۡبَيِّنَٰتِ مِن رَّبِّكُمۡۖ وَإِن يَكُ كَٰذِبٗا فَعَلَيۡهِ كَذِبُهُۥۖ وَإِن يَكُ صَادِقٗا يُصِبۡكُم بَعۡضُ ٱلَّذِي يَعِدُكُمۡۖ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَهۡدِي مَنۡ هُوَ مُسۡرِفٞ كَذَّابٞ ٢٨

Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини беркитиб юрадиган бир мўмин киши: «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусийбатлар сизга етар. Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас. 12

Izohlar

12 (Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссаломнинг «Аллоҳ Роббимдир» деган сўздан бошқа даъволар йўқ эди. Бу дегани Аллоҳ менинг яратгувчим, ризқ бергувчим, тадбиримни қилгувчи тарбиячим, дегани эди. Бу эътироф оддий ҳақиқат эди. Бунинг ёмон жойи йўқ эди. Буни ҳамма тан олиши керак эди. Бу нарса соф қалб ва оддий мантиқнинг тақозоси эди. Шунинг учун соф қалб эгаси бўлган киши томонидан бу ҳақиқат эълон этилди.)

Tafsir

Фиръавн хонадонидан бўлган, иймонини қавмидан яшириб юрадиган бир мўмин киши Мусонинг ўлдирилишига қарши чиқиб деди: "Бир бегуноҳ одамни, "Парвардигорим Аллоҳдир", дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизларга ўзининг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбар эканига далолат қилувчи ҳужжатлар келтирди-ку! Фаразан, у ёлғончи бўлса ҳам, ёлғони ўзига зарар қилади. Лекин агар ростгўй бўлса, сизларга у ваъда қилаётган айрим азоблар етиб қолади-ку! Албатта Аллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсани ҳидоят қилмас, унга тавфиқ бермас.