Az-Zumar surasi, 23-oyat

39:23

ٱللَّهُ نَزَّلَ أَحۡسَنَ ٱلۡحَدِيثِ كِتَٰبٗا مُّتَشَٰبِهٗا مَّثَانِيَ تَقۡشَعِرُّ مِنۡهُ جُلُودُ ٱلَّذِينَ يَخۡشَوۡنَ رَبَّهُمۡ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمۡ وَقُلُوبُهُمۡ إِلَىٰ ذِكۡرِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُدَى ٱللَّهِ يَهۡدِي بِهِۦ مَن يَشَآءُۚ وَمَن يُضۡلِلِ ٱللَّهُ فَمَا لَهُۥ مِنۡ هَادٍ ٢٣

Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу, Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ. 9

Izohlar

9 (Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.)

Tafsir

Аллоҳ Ўзининг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссломга энг гўзал сўзни, яъни, Қуръонни нозил қилди. Уни ростлигида ҳам, гўзаллигида ҳам, кўнгилга ёқишида ҳам, ихтилофдан холилигида ҳам, ваъдасию огоҳлантиришида ҳам, ҳақ аҳли билан ботил аҳлини тавсифлашида ҳам бир-бирига ўхшайдиган оятлар қилиб туширди. Парвардигоридан қўрқадиган зотлар ундаги огоҳлантириш ва таҳдид оятларини эшитганларида баданлари титраб кетади. Умидбахш ва хушхабарга оид оятларни тинглаганларида эса баданлари ҳам, қалблари ҳам Аллоҳни эслашга мулойимлашади. Қуръоннинг бу тавсифи ва таъсири Аллоҳнинг ҳидоятидирки, у билан Ўзи истаган бандасини ҳидоят қилади. Энди кимни Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб, унга ҳидоят ато этмаган бўлса, уни тўғри йўлга соладиган бирон кимса йўқдир.