At-Tawbah surasi, 71-oyat

9:71

وَٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَيُطِيعُونَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓۚ أُوْلَٰٓئِكَ سَيَرۡحَمُهُمُ ٱللَّهُۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ ٧١

Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳим қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир. 41

Izohlar

41 (Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.)

Tafsir

Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар. Чунки уларни иймон бирлаштириб туради. Яхшиликка, яъни, Аллоҳга ёқадиган тавҳид ва намоз каби ишларга буюрадилар, ёмонликдан, яъни, Аллоҳга ёқмайдиган куфр ва рибо каби ишлардан қайтарадилар. Намозни тўкис адо этадилар. Аллоҳга ва Пайғамбарига бўйсунадилар. Мана шундай фазилатларга эга бўлганларни яқинда Аллоҳ Ўз раҳматига дохил қилур. Аллоҳ Ғолибдирки, ҳеч кимса У Зотдан ғолиб бўла олмас, Ҳакимдирки, ҳар бир яратишини, тадбирини ва шариатини бир ҳикмат билан қилур.