An-Nur surasi, 39-oyat

24:39

وَٱلَّذِينَ كَفَرُوٓاْ أَعۡمَٰلُهُمۡ كَسَرَابِۭ بِقِيعَةٖ يَحۡسَبُهُ ٱلظَّمۡـَٔانُ مَآءً حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءَهُۥ لَمۡ يَجِدۡهُ شَيۡـٔٗا وَوَجَدَ ٱللَّهَ عِندَهُۥ فَوَفَّىٰهُ حِسَابَهُۥۗ وَٱللَّهُ سَرِيعُ ٱلۡحِسَابِ ٣٩

Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшар. Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблар. Қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас. Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур. Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилгувчидир. 10

Izohlar

10 (Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳоли ажойиб услуб ила васф этилмоқда. Ўзлари чанқоқ одамга, амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшатилмоқда. Мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, у қилдим-бу қилдим, деб амалларини санаб, «яхши-яхши» умидлар билан охират томон кетаверадилар. Қиёмат қоим бўлиб, «манзил»га етганларида эса, ҳеч нарса топмайдилар. Қилган амалимизнинг савобини топамиз, деб борган жойларида Аллоҳни топадилар ва Аллоҳ уларни бекаму кўст ҳисоб-китоб қилади.)

Tafsir

Куфр келтирган кимсаларнинг қилиб ўтган амаллари саҳродаги сароб кабидир. Ташна одам уни сув, деб ўйлайди. Унинг олдига келганда эса ҳеч нарсани топа олмайди. Худди шунга ўхшаб, кофир ҳам ўзининг амаллари фойда қилади, деб ўйлайди. Ўлиб, қайта тирилгандан кейин эса уларнинг фойдасизлигини кўради. Ўша ерда Аллоҳни топади. Бас, Аллоҳ унинг ҳисобини тўла қилиб олади. Аллоҳ тез ҳисоб олгувчи Зотдир.