An-Nur surasi, 11-oyat

24:11

إِنَّ ٱلَّذِينَ جَآءُو بِٱلۡإِفۡكِ عُصۡبَةٞ مِّنكُمۡۚ لَا تَحۡسَبُوهُ شَرّٗا لَّكُمۖ بَلۡ هُوَ خَيۡرٞ لَّكُمۡۚ لِكُلِّ ٱمۡرِيٕٖ مِّنۡهُم مَّا ٱكۡتَسَبَ مِنَ ٱلۡإِثۡمِۚ وَٱلَّذِي تَوَلَّىٰ كِبۡرَهُۥ مِنۡهُمۡ لَهُۥ عَذَابٌ عَظِيمٞ ١١

Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касбнинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир. 3

Izohlar

3 (Ислом душманлари ақлий тортишувларда, жанг майдонларида мусулмонлардан устун кела олишларига кўзлари етмаганидан кейин мусулмонларнинг энг кучли нуқтасини заифлаштириш учун очиқдан-очиқ иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма қилишга ўтдилар. Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади. Мунофиқлар Ойиша онамизга нисбатан ифк уюштирдилар. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна чиқди. Ойиша онамизни зино қилганликда айблай бошладилар. У кишига нисбатан ифк — иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштирилди. Бу ҳодиса «Ифк ҳодисаси» номи билан машҳурдир.)

Tafsir

Эй мўминлар, бўҳтон қилиб, мўминлар онаси Оиша онамизни (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) бадном қилмоқчи бўлганлар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Бу ишни ўзларингиз учун ёмонлик, деб билманглар. Аксинча, у сизлар учун яхшиликдир. Зеро, унда савоб бор, мўминларни саралаш бор, мўминлар онасининг бегуноҳ эканига исбот бор. Шу бўҳтонга аралашган ҳар бир кимса қилмишига яраша жазо олади. Уни бошлаб бериш билан гуноҳнинг каттасини кўтариб олган кимса учун эса буюк азоб бор. Бу ерда мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул назарда тутиляпти.