Al-Ma'idah surasi, 32-oyat

5:32

مِنۡ أَجۡلِ ذَٰلِكَ كَتَبۡنَا عَلَىٰ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ أَنَّهُۥ مَن قَتَلَ نَفۡسَۢا بِغَيۡرِ نَفۡسٍ أَوۡ فَسَادٖ فِي ٱلۡأَرۡضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ ٱلنَّاسَ جَمِيعٗا وَمَنۡ أَحۡيَاهَا فَكَأَنَّمَآ أَحۡيَا ٱلنَّاسَ جَمِيعٗاۚ وَلَقَدۡ جَآءَتۡهُمۡ رُسُلُنَا بِٱلۡبَيِّنَٰتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرٗا مِّنۡهُم بَعۡدَ ذَٰلِكَ فِي ٱلۡأَرۡضِ لَمُسۡرِفُونَ ٣٢

Шунинг учун ҳам, Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар. 19

Izohlar

19 (Исломда ўлим ҳукмига лойиқ жиноят қилмаган жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Зотан, ўлим ҳукми ҳам бошқа яхши жонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чиқарилади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Худди шу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Бани Исроилга ёзиши — фарз қилиши — улар ўша вақтда аҳли китоб бўлиб турган қавм эканлигидадир.)

Tafsir

Қобил ўз укасини ўлдиргани туфайли Бани Исроилга билдириб қўйдикки, қасос ёки ер юзида бузғунчилик қилиш каби сабабларсиз бир одамни ўлдирган киши худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Чунки, бундай одамнинг наздида бегуноҳнинг гуноҳкордан фарқи йўқ. Ким эътиқодидан келиб чиқиб, ўлдириш ҳаром бўлган одамни ўлдиришдан ўзини тийса, худди ҳамма одамларнинг жонини сақлаб қолгандек бўлади. Зеро, унинг бу ишида ҳамма учун саломатлик бор. Элчиларимиз Бани Исроилга ёрқин ҳужжатлар ва очиқ далилларни олиб келдилар. Шундай бўлса ҳам улардан кўплари Аллоҳнинг ҳадларидан ошиб, пайғамбарларига қулоқ солмай, гуноҳлар лойига ботдилар.