Al-Hujurat surasi, 6-oyat

49:6

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن جَآءَكُمۡ فَاسِقُۢ بِنَبَإٖ فَتَبَيَّنُوٓاْ أَن تُصِيبُواْ قَوۡمَۢا بِجَهَٰلَةٖ فَتُصۡبِحُواْ عَلَىٰ مَا فَعَلۡتُمۡ نَٰدِمِينَ ٦

Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар. 4

Izohlar

4 (Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло «фосиқ хабар келтирса, аниқлаб» хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло «бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар», демоқда.)

Tafsir

Эй Аллоҳга иймон келтириб, У Зотнинг шариатига амал қиладиганлар, бир фосиқ бир хабар олиб келса, унга дарров ишониб юбормасдан тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаштиринглар. Токи бир қавмга билмасдан бир ёмонлик қилиб қўйиб, хабарнинг ёлғонлиги аниқ бўлганидан кейин қилган ишингизга пушаймон бўлиб юрманглар.