Al-Hadid surasi, 4-oyat

57:4

هُوَ ٱلَّذِي خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ فِي سِتَّةِ أَيَّامٖ ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰ عَلَى ٱلۡعَرۡشِۖ يَعۡلَمُ مَا يَلِجُ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَمَا يَخۡرُجُ مِنۡهَا وَمَا يَنزِلُ مِنَ ٱلسَّمَآءِ وَمَا يَعۡرُجُ فِيهَاۖ وَهُوَ مَعَكُمۡ أَيۡنَ مَا كُنتُمۡۚ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ بَصِيرٞ ٤

У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра (Зоти ва улуғлигига муносиб суратда) Аршга юксалган Зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир. У, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. 2

Izohlar

2 («Истиво» луғатда кўтарилиш, ўрнашиш ва эгаллаш маъноларини билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун, ҳамма нарсани яратгандан сўнг, Аллоҳ уларни Ўзининг тасарруфига олди, деб шарҳланади.)

Tafsir

У шундай Зотки, осмонлару ерни олти кунда яратди. Душанба куни бошлаб, Жума куни ниҳоялади. У аслида бир кўз юмиб очгунча яратиб қўйишга ҳам Қодир. Кейин Ўзига хос тарзда Аршга кўтарилди. У ёмғир, дон каби ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ўсимликлар, конлар каби ердан чиқадиган нарсаларни ҳам, ёмғир, ваҳий каби осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, фаришталар, одамларнинг амаллари ва жонлари каби самога кўтариладиган нарсаларни ҳам билади. Эй одамлар, қаерда бўлсангизлар ҳам У Ўз илми ила сизлар билан биргадир. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмас. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб тургувчидир. Бирон амалингиз У Зотдан махфий эмас. Яқинда қилган ишларингизга яраша сизларга жазо ёки мукофот беради.