وَٱسۡتَعِينُواْ بِٱلصَّبۡرِ وَٱلصَّلَوٰةِۚ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى ٱلۡخَٰشِعِينَ ٤٥
Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир. 18
Izohlar
18 (Биз ёрдам сўранг деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну" деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.)
Tafsir
Барча диний ва дунёвий ишларингда сабр билан ҳамда сизларни Аллоҳга боғлайдиган, яқинлаштирадиган намоз билан мадад сўранглар. Шунда Аллоҳ сизларга ёрдам бериб, сизларни Ўз паноҳида сақлайди ва сизлардаги ғамни аритади. Намоз Парвардигорларига бўйсунадиган зотлардан бошқаларга жуда катта ва оғир ишдир.