هَلۡ يَنظُرُونَ إِلَّآ أَن يَأۡتِيَهُمُ ٱللَّهُ فِي ظُلَلٖ مِّنَ ٱلۡغَمَامِ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَقُضِيَ ٱلۡأَمۡرُۚ وَإِلَى ٱللَّهِ تُرۡجَعُ ٱلۡأُمُورُ ٢١٠
Улар Аллоҳ ва фаришталар сояли булутларда келиши ҳамда ишнинг тугашидан бошқага интизор бўлмаяптилар, шекилли?! Ва барча ишлар Аллоҳга қайтажак. 88
Izohlar
88 (Очиқ-ойдин баёнотлар, ҳужжат ва далиллар келгандан кейин ҳам Исломга юрмай, шайтоннинг изидан юришларидан улар худди қиёматни интизор бўлиб кутаётганга ўхшайди. Иш тугаб, ҳамма нарса охирига етадиган кунни кутаётганга ўхшайди. Бўлмаса, ҳамма нарса аниқ бўлган бўлса ҳам, нима учун Исломга кирмай турибдилар? Нима уларнинг йўлини тўсяпти? Улар билиб қўйсинларки, «барча ишлар Аллоҳга қайтажак».)
Tafsir
Ҳақ йўлдан озиб, шайтоннинг йўлларига кириб кетган бу бадбахтларни бир ёмон оқибат кутяпти. Қиёмат кунида Аллоҳ Ўзининг буюклигига лойиқ бир тарзда - булутдан бўлган соябон остида келади. Фаришталар ҳам келиб, уларни ҳар тарафдан қуршаб олади. Ана шу пайтда Аллоҳ Ўзининг ҳукмини айтади ва ишни битиради. Ҳамма халойиқ ҳам, уларнинг ишлари ҳам ҳар қандай нуқсондан пок ёлғиз Аллоҳга қайтарилади.