Al-Baqarah surasi, 176-oyat

2:176

ذَٰلِكَ بِأَنَّ ٱللَّهَ نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّۗ وَإِنَّ ٱلَّذِينَ ٱخۡتَلَفُواْ فِي ٱلۡكِتَٰبِ لَفِي شِقَاقِۭ بَعِيدٖ ١٧٦

Бунинг сабаби, албатта, Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган эди. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса, тубсиз тортишувдадирлар. 71

Izohlar

71 (Қўлларидаги ҳидоят ва мағфиратни бой бериб, қаттиқ азобга дучор бўлишларининг сабаби — улар «Аллоҳ китобни ҳақ билан нозил қилган»ини тан олмадилар. Ҳолбуки, бу ҳақ китобга амал қилиб, бахт-саодатда яшасалар бўлар эди. Аммо улар Аллоҳнинг китоби хусусида ихтилоф қилдилар, тубсиз талашув ва туганмас ихтилоф гирдобига тушиб қолдилар. Оқибатда мазкур азобларга дучор бўлдилар.)

Tafsir

Илм ва ҳидоятни яширганлари учун жазога йўлиқишларининг сабаби шуки, Аллоҳ илоҳий китобларни ҳақ билан нозил қилди. Шунинг ўзи уларни яширмасдан етказишни тақозо қилади. Илоҳий китоблар борасида ихтилоф қилиб, бирига ишониб, бошқасига ишонмаганлар ҳақиқатнинг кўчасидан ҳам ўта олмасдан, талашиб-тортишиш ботқоғига ботиб юраверадилар.