Al-Baqarah surasi, 145-oyat

2:145

وَلَئِنۡ أَتَيۡتَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ بِكُلِّ ءَايَةٖ مَّا تَبِعُواْ قِبۡلَتَكَۚ وَمَآ أَنتَ بِتَابِعٖ قِبۡلَتَهُمۡۚ وَمَا بَعۡضُهُم بِتَابِعٖ قِبۡلَةَ بَعۡضٖۚ وَلَئِنِ ٱتَّبَعۡتَ أَهۡوَآءَهُم مِّنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَكَ مِنَ ٱلۡعِلۡمِ إِنَّكَ إِذٗا لَّمِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ ١٤٥

Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан. Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, унда, албатта, золимлардан бўлурсан. 60

Izohlar

60 (Ушбу ояти каримада аҳли китобларнинг табиати, феълидаги муҳим нуқта тушунтириляпти: уларга ҳужжат-мужжат керак эмас, уларнинг Исломга нисбатан душманликлари далил ва тушунчанинг етишмаслигидан эмас, балки билиб, тушуниб туриб қилинаётган душманликдир. Аҳли китоблар қиблангга эргашмайдилар, дейилишидан ҳам қибла бутун бошли дин ва миллатнинг рамзи эканлиги кўриниб турибди.)

Tafsir

Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад алайҳиссалом, яҳуд ва насоролардан бўлган аҳли китобларга қибланинг ўзгартирилишига доир ҳамма оят-аломатларни, очиқ-равшан ҳужжатларни келтирсангиз ҳам улар сизнинг қиблангизга юзланмаслар. Чунки улар сиз олиб келган ваҳийга саркашлик қиладилар, ҳаққа эргашишдан ўзларини катта оладилар. Энди Аллоҳ сизни буриб қўйганидан кейин сиз ҳам уларнинг қибласига ҳаргиз юзланмайсиз. Улар ҳатто бир-бирларининг қибласига ҳам юзланмаслар. Негаки, улардан ҳар бири бошқасини кофирга чиқаради. Энди сизга ҳар қандай шубҳадан холи соғлом илм келиб турганидан кейин ҳам қибла ва бошқа шариатлару ҳукмлар борасида уларнинг ҳавойи нафсларига эргашадиган бўлсангиз, ҳидоятни ташлаб, ҳавойи нафсга эргашган золимлардан бўлиб қоласиз. Пайғамбар алайҳиссаломга қарата қилинаётган бу хитоб уларга эргашиш нақадар қабиҳ эканини кўрсатиб бериш учун бўляпти, холос. Аслида эса Аллоҳ Ўз пайғамбарини бундай қабоҳатдан албатта асрайди. Айни дамда бу огоҳлантириш у зотдан кейин келадиган уммат учун ҳамдир.