Al-'Ankabut surasi, 33-oyat

29:33

وَلَمَّآ أَن جَآءَتۡ رُسُلُنَا لُوطٗا سِيٓءَ بِهِمۡ وَضَاقَ بِهِمۡ ذَرۡعٗاۖ وَقَالُواْ لَا تَخَفۡ وَلَا تَحۡزَنۡ إِنَّا مُنَجُّوكَ وَأَهۡلَكَ إِلَّا ٱمۡرَأَتَكَ كَانَتۡ مِنَ ٱلۡغَٰبِرِينَ ٣٣

Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар, хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. 11

Izohlar

11 (Лут алайҳиссаломнинг Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Шунинг учун ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лут алайҳиссаломни шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.)

Tafsir

Биз юборган фаришталар Лутнинг олдига келишганида у бундан ёмон ҳолга тушди ва юраги сиқилди ҳамда қавмининг бирон бузуқлик қилишидан қўрқди. Чунки фаришталар эркаклар суратида келишганди. Унинг қавми эса аёлларга эмас, эркакларга шаҳват билан қарайдиган қавм эди. Буни кўрган фаришталар Лутга шундай дедилар: "Қўрқма, қавминг сенга ҳеч қандай ёмонлик қила олмайди. Уларни ҳалок қилаётганимиздан хафа ҳам бўлма. Биз сени ва оилангни қутқариб қоламиз. Фақат хотининг бундан мустасно. У ҳалок бўлгувчилар сафида қолиб кетади. Уни ҳам ўшалар билан бирга ҳалок қиламиз".