وَلَا تَقۡرَبُواْ مَالَ ٱلۡيَتِيمِ إِلَّا بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُ حَتَّىٰ يَبۡلُغَ أَشُدَّهُۥۚ وَأَوۡفُواْ ٱلۡكَيۡلَ وَٱلۡمِيزَانَ بِٱلۡقِسۡطِۖ لَا نُكَلِّفُ نَفۡسًا إِلَّا وُسۡعَهَاۖ وَإِذَا قُلۡتُمۡ فَٱعۡدِلُواْ وَلَوۡ كَانَ ذَا قُرۡبَىٰۖ وَبِعَهۡدِ ٱللَّهِ أَوۡفُواْۚ ذَٰلِكُمۡ وَصَّىٰكُم بِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تَذَكَّرُونَ ١٥٢
Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз. Агар гапирсангиз, қариндошингиз бўлса ҳам, адолат қилинг. Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг. Буларни сизга амр қилдикки, шояд, эсласангизлар. 60
Izohlar
60 (Етимнинг молини ейиш ижтимоий алоқаларни бузишдир. Етим заиф ҳол бўлгани учун жамият уни ҳимоя қилиши керак. Етимнинг молини ноҳақ еган одам унинг ҳаққига зулм қилган бўлади, шу билан бирга, жамият ҳаққига ҳам зулм қилади. Чунки молсиз қолган етимни энди жамият боқиши керак бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам етимни қарамоғига олган одам унинг молига яқинлашиши мумкин эмас. Магар яхши йўл билан бўлса, ўша молни ўстириш учун, кўпайтириб вояга етганда унинг қўлига топшириш учун яқинлашса, майли.)
Tafsir
Аллоҳ етимнинг молига то у балоғат ёшига етиб, фойда-зарарни ажратадиган бўлгунига қадар дахл қилишни ҳаром қилди. Лекин агар бу ишда етимнинг молига фойда бўлса, зарари йўқ. Тарози ва бошқа ўлчовларда уриб қолишни ҳаром қилди. Олди-сотди ишларида адолат билан иш тутмоқ вожиб. Биз бир жонга тоқатидан ортиқ вазифа юкламаймиз. Ўлчовлардаги эҳтиёт бўлишнинг имкони бўлмаган миқдордаги кўп ё кам бўлиш ҳолати учун жазо берилмайди. Сизларга бирон хабар етказиш ёки гувоҳ бўлишда бирон дўстингиз ёки яқинингизнинг тарафини олиб, ёлғон сўзлашни ҳаром қилди. Сизларга Аллоҳга берган ваъдангизга ёки Аллоҳ номига қасам ичиб берган ваъдангизга вафо қилмасликни ҳаром қилди. Ваъдага вафо қилишингиз вожиб. Шу ўтганларни Аллоҳ қаттиқ тайинлаб буюрди. Шоядки, оқибатни ўйлаб иш қилсангизлар.