يَٰنِسَآءَ ٱلنَّبِيِّ لَسۡتُنَّ كَأَحَدٖ مِّنَ ٱلنِّسَآءِ إِنِ ٱتَّقَيۡتُنَّۚ فَلَا تَخۡضَعۡنَ بِٱلۡقَوۡلِ فَيَطۡمَعَ ٱلَّذِي فِي قَلۡبِهِۦ مَرَضٞ وَقُلۡنَ قَوۡلٗا مَّعۡرُوفٗا ٣٢
Эй, Набийнинг аёллари! Сизлар аёллардан бирортаси каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, майин сўз қилманг, яна, қалбида касали бор бўлган тамаъ қилиб юрмасин. Гапирганда яхши гапни гапиринглар. 15
Izohlar
15 (Яъни, сизларнинг бошқа ҳамма аёллардан фарқларингиз бор. Сизлар Пайғамбарнинг хотинларисиз, мўминларнинг оналарисиз. Ҳамма мўминалар учун ўрнаксизлар. Ҳа, сизлар аёллардан бирортаси каби эмассизлар. Бу мақомга эришишларингиз учун Пайғамбарга жуфти ҳалол бўлганингизнинг ўзи етмайди, тақво ҳам қилишларингиз керак. Овозингизни майин, назокатли қилиб, эркак кишига таъсир этадиган ҳолатда гапирманг. Мунофиқ ва иймони заифлар сизнинг майин овозингизни эшитиб, фисқу фужурни бошлаб қолмасинлар.)
Tafsir
Эй Муҳаммад алайҳиссаломнинг аёллари, сизлар фазлу шарафда бошқа аёллар каби эмассизлар. Агар Аллоҳнинг буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийилсангизлар, ҳеч бир аёл фазлу шараф бобида сизларга тенглаша олмайди. Шундай бўлгач, бегона эркакларга мулойим бўлиб, овозингизни майин қилманг. Токи, қалбида марази, ҳаром истаги бор пасткашлар нияти бузилиб, хомтама бўлиб юрмасинлар. Одамни шубҳага соладиган тарзда гапиришдан йироқлашинглар, жиддий бўлинглар.